БОШ ОҒРИШИ. УНИНГ САБАБЛАРИ ВА ДАВОЛАШ.

БОШ ОҒРИШИ. УНИНГ САБАБЛАРИ ВА ДАВОЛАШ.

БОШ ОҒРИШИ – тиббиёт тилида цефалгия деб аталиб, бош мия пардалари, қон томирлари ва бўйин сохаси мускулларида жойлашган оғриқ рецепторларини таъсирланиши билан характерланади.
Бир қатор хавфли касалликларнинг белгиси сифатида намоён бўлгани учун хар қандай бош оғриғига жиддий эътибор бериш керак.  

БОШ ОҒРИШИ САБАБЛАРИ:
•    Бош ёки умуртқанинг бўйин қисми шикастланишлари;
•    Қандли диабет;
•    Қон босими ортиши ва тушиши;
•    Остеохондроз;
•    Гормонал бузилишлар;
•    Бош мия ўсмалари;
•    Кон томирлар патологияси (атеросклероз, холестерин тўпланиши)
•    Доимий стресс;
•    Инфекциялар;
•    Айрим дори препаратларни ичиш;
•    Рухий хасталиклар;
•    Вегетатив-қон томир дистонияси;
•    Сурункали чарчаш синдроми.

БОШ ОҒРИҒИ ТУРЛАРИ ВА КЕЛИБ ЧИҚИШИ.
Бош оғриғининг бошнинг қайси қисмида жойлашиши, характери ва келтириб чиқарувчи касаллик турига қараб бир қатор турларии фарқланади:
1. Бошнинг чакка қисмини оғриши. Бу шикоят невропатологга мурожаат қилиб қелганларнинг 70% ида учраб, ўзининг кучлилиги ва даврий равишда такрорланиб туриши билан характерланади. Унинг сабаблари турли инфекциялар, стресс, захарланиш бўлиши мумкин.  
2. Бошнинг энса қисмини оғриши. Асосан бўйин умуртқалари касалликлари (жумладан остеохондрозда), жисмоний травмалар (чўзилиш ва лат ейиш) да кузатилади. Энса қисмини оғриши қулоқлардаги шовқин, бош айланиши, ва харакат пайтидаги оғриқ билан бирга келади.
3. Бошнинг пешона қисмини оғриши. Мигрень, гайморит, фронтит, тиш касалликлари ва бош мия ичи босимини ортиши хисобига кузатилади.

Бош оғриши бу турлари алохида ва бир-бири билан қўшилиб келиши хам мумкин. Бунда шунингдек, бош айланиши, кўнгил айниши, кўзларни тиниши каби белгилар хам кузатилади. Бош оғришининг хар бир тури невропатологлар томонидан турли усуллар ёрдамида даволанади.

ЎЗИНГИЗДА СИНАБ КЎРИНГ
Бош мия тўқимасида ўзгаришлар бор ёки йўқлигига қараб бош оғришининг қуйидаги турлари фарқланади:
1. Зўриқиш хисобига бош оғриши: оғриқ доимий, сиқувчи, бутун бошни халқа сингари ўраб олади.
2. Мигрендаги бош оғриги: кучли ифодаланиб, бир томонлама, пульсацияловчи характерда бўлиб, кўпинча пешона ва чакка сохасида жойлашади. Мигрен пайтида пациентда шунингдек, ёруғлик ва товушга бўлган сезгирлик кучайиб, кўп терлаш, юрак ўйнаши ва кўнгил айниши билан келади. Айрим холларда мигрендан олдин бош айланиши, турли хил хидларни сезиш, кўз атрофини жимирлаши каби белгилар кузатилади.
3. Тутамли бош оғриғи: куйдирувчи, оғриқ бошнинг юз, пешона ва чакка қисмларн эгаллаб олиб, жуда кучли бўлади, беморлар на ўтира олади на тура олади. Оғриқ вақтида беморларда шунингдек кўз ёшланиши, бурун битиши ва пешонасини терлаши кузатилади.
4. Қон босими ортгандаги оғриқ: у доимий, ўтмас, босувчи ва баъзан пульсацион бўлади. Оғриқлар кўпинча энса сохасида жойлашади.

БОШ ОҒРИГАНДА НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Бош оғриган пайтда, айниқса унинг давомийлиги уч кундан узоққа чўзилса, турли хил оғриқ қолдирувчи препаратлар истеъмол қилмасдан, бош оғриши сабабини аниқлаш лозим. Бунинг учун пациент: невропатолог маслахати ва унинг тавсиясига биноан бош мия ва бўйин сохасини томографияси, УЗИ, рентген ва электроэнцефалогафия каби текширувлардан ўтади. Текширув хулосаларига қараб врач керакли даво чораларини белгилайди.

БУНИ ЭСДА ТУТИНГ.
1. Доимий бош оғриқларда оғриқ қолдирувчи препаратларни кўп миқдорда ва 15 кундан ортиқ мухлатда ичиб бўлмайди.
2. Акс холда бу аналгетиклар (барбитуратлар, кофеин ва седатив препаратлар) таъсирида бош миянинг хусусий оғриқ рецепторларини тормозланиши ва дори хисобига янги ўчоқларни пайдо бўлиши мумкин.
3. Гипертониклар учун аввал қон босимини ўлчаш тавсия этилади. Ортган бўлса қон босимини тушурувчи препаратлар ичилади. Бош оғриғига қарши дорилар қон босими нормаллашганда хам оғриқ синдроми камаймаса ичилади.


БОШ ОҒРИГАНДА ҚИЛИШ МУМКИН  БЎЛМАГАН ХОЛАТЛАР.
•    Алкоголь истеъмол қилиш. Унинг бўшаштирувчи эффекти вақтинчалик бўлиб, алкогол таъсирида қон томирларнинг кенгайиши натижасида аввал оғриқнинг камайиши, кейин эса икки баробар кучайиши кузатилади.
•    Чекиш. Никотин қон томирлар спазмини чақириб, оғриқни кучайишига сабаб бўлади.
•    Бошга муз солинган грелка қўйиш. Оғриқ сабабини аниқламасдан совуқ қуйиш пациент холатини оғрилашишига олиб келади, жумладан гипертонияда.
•    Аналгетикларни қайта-қайта ичиш. Битта таблетка ёрдам бермаса ва пациент холатига сезиларли таъсир этмаса, жиддий касаликларни инкор этиш мақсадида врачга мурожаат қилиш керак. Аналгетикларни дозасини ошириб юборишнинг ўз асоратлари мавжуд.

БОШ ОҒРИШИНИ ОЛДИНИ ОЛИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
•    Кун тартибини ўзгартиринг, кўпроқ ухланг, домо бир пайтда ухлашга ётинг;
•    Тоза хавода кўпроқ сайр қилинг, ишдаги хонангизни вақтида шамоллатиб туринг;
•    Бошингизни енгил массаж қилиб туришга одатланинг;
•    Лаванда, ялпиз ёки мойчечак баргидан дамлама тайёрлаб ичинг ва ухлашга харакат қилинг;
•    Соуқ компресс қилинг: совуқ сувга ялпизнинг эфир мойларидан аралаштириб, сочиқни хўллаб, пешона ва чакка сохасига компресс қилинг (бош оғриғи зўриқиш натижасида келиб чиққан бўлса).
•    Зарарли одатларингиз (чекиш ва ичиш) ни ташланг.
•    Вазнингизни назорат қилиб туринг.

ДОИМИЙ РАВИШДА БОШИ ОҒРИБ ТУРУВЧИЛАР УЧУН ТАВСИЯ ЭТИЛМАЙДИГАН МАХСУЛОТЛАР:
•    Пишлок, қизил вино, ёнғоқ – улар бош оғриғи келтириб чиқарувчи тирамин аминокислотасини тутади;
•    Шоколад – унинг таркибида бош оғришини келтириб чиқарувчи фенилэтиламин моддаси бор;
•    Қайта ишланган, турли зираворларга, сўяга, ўсимлик протеинига бой махсулотлар. Улар таркибидаги моносодоглютамат бош оғриғининг алохида тури «хитой ресторани синдроми» га сабаб бўлиши мумкин;
•    Тузланган, дудланган сосиска ва колбаса махсулотлари – уларга ранг бериш учун қўшилган нитритлар бош оғришига сабаб бўлади.
•    Шакар ўрнини босувчи махсулотлар – уларнинг таркибидаги аспартам ва Е 961 бош оғришига сабаб бўлади. Аспартам шунингдек, сақич, газланган ичимликлар, қандлар, йогуртлар, витаминлар ва йўталга қарши дориларда хам мавжуд.


© www.gepamed.uz