ВАСКУЛИТ НИМА ВА У ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

ВАСКУЛИТ НИМА ВА У ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

Васкулит нима ва у нима учун хавфли?
Васкулит - қон томирлари деворларини яллиғланиши бўлиб, лотинча «томир» (vasculum) сўзидан келиб чиққан. Васкулитда артериялар, веналар ва майда капиллярлар зарарланади. Қон томирлари яллиғланганда, улар шишади ва тораяди. Натижада қон оқими қийинлашади. Бу иккита жиддий асоратларга олиб келиши мумкин:
1.  Томир бутунлай тиқилиб қолади, ундаги қон оқими тўхтайди. Натижада, бу томир орқали озиқланиши керак бўлган орган ва тўқималарнинг қисмлари ўлишни бошлайди.
2.  Қоннинг нормал ҳажмда оқиши учун томир деворлари чўзилиб қопсимон кенгаяди. Бунга аневризма деб аталади. Агар ҳаддан ташқари чўзилган томир девори ёрилиб кетса, бу ички қон кетишига ва хатто ўлимга олиб келиши мумкин.


Васкулит қаердан келиб чиқади?
Айрим холларда васкулит ривожланиши ирсиятга боғлик бўлса, кўп холларда одамнинг иммун тизимидаги бузилишлар хисобига ўз танасининг қон томирларини ҳужумга учраши хисобига ривожланади. Бундай хужумқуйида айтиб ўтиладиган бир неча омиллар хисобига келиб чиқиши мумкин.
•    Ўткир юқумли касалликлар. Вируслар, бактериялар, замбуруғлар қон томирларининг деворларига кириб боради, бу, иммун тизимининг фаоллигини оширади.
•    Сурункали инфекциялар. Масалан, гепатит В ва C.
•    Янги дори воситаларига ёки организмга кирган токсинларга аллергик типдаги реакциялар.
•    Иммун тизимининг касалликлари. Бу ревматоид артрит, склеродермия ёки қизил волчанка бўлиши мумкин.
•    Қон саратони.
Бу тўлиқ рўйхат эмас. Тадқиқотчилар тасдиқлашича айрим холатларда васкулитнинг сабаби номаълум қолади.

Васкулитни қандай аниқлаш мумкин
Васкулитнинг қайси томир зарарланганлиги, унинг жойлашуви ва бошқа омилларга кўра хар хил турлари мавжуд. Ва уларнинг барчаси турли хил аломатларга эга.
Жумладан, гигант ҳужайрали васкулитда асосан бош ва бўйин томирлари зарарланиб, чакка сохасидаги оғриқар, жағлар ҳаракатланаётганда оғриқ ва бош оғриғи кузатилади. Кавасаки касаллигида эса болаларда бутун танаси бўйлаб, қон томирлар зарарланиб, унга узоқ чўзиладиган юқори иситма, тери тошмалари, кўз оқларининг қизариши хос.
Бироқ, васкулитнинг барча турлари бирлаштирувчи умумийлик хам мавжуд. Уларнинг барчаси тизимли касаллик хисобланади, яъни, улардан маълум бир орган эмас, балки бутун организм зарарланади. Васкулит билан оғриган одамларда қуйидаги белгилар кузатилади:
•    юқори ҳарорат;
•    сабабсиз толиқиш;
•    юракни тез уриши;
•    бутун танадаги сабабсиз, ноаниқ, тарқоқ оғриқлар. Мисол учун, ошқозон оғрияпти, лекин қайси нуқтада - аниқлаб бўлмайди.

Бошқа характерли ва умумий симптомлар қон томир яллиғланишдан тананинг қайси органи ёки тўқимасини кўпроқ зарарланганига боғлиқ:
•    Тери зарарланганда – унда пурпур қизил рангли доғлар кузатилади. Улар тана юзасидан бўртиб чиқиши хам мумкин.
•    Ўпка зарарланганда - нафас қисиши ва ҳатто қон аралаш йўтал кузатилади.
•    Овқат ҳазм қилиш тизими зарарланганда - овқатдан кейин пайдо бўладиган мунтазам ноаниқ оғриқлар, ичак яраларида ва улардаги майда тешиклар пайдо бўлганда ахлатда қон пайдо бўлади.
•    Қўл ва оёқлар зарарланганда – уларда уюшиш хисси, заифлик, қўл кафтлари ва оёқ таглари шиши пайдо бўлади.
•    Кўзлар зарарланганда - уларнинг қизаради ва қичишади. Гигант ҳужайрали артерит иккита кўриш ва бир ёки иккала кўзнинг вақтинча ёки доимий кўрлигига олиб келиши мумкин.
•    Эшитиш органлари зарарланганда - бош айланиши, қулоқлар шанғиллаши ва хатто эшитишни буткул йўқолишини кузатиш мумкин.
•    Бурун ва синуслар зарарланганда - бурун битиши, доимий бурун оқиши ва гайморитнинг бошқа белгиларини кўриш мумкин.

Васкулитни қандай даволаш керак?

Кўпинча қон томирларининг яллиғланишини даволаш учун жуда агрессив дорилар қўлланилади:
•    кортикостероидлар. Улар яллиғланишни самарали равишда камайтиради, аммо жиддий ножўя таъсирларга эга: масалан, семириш, диабет ривожланиш хавфи, суякларнинг заифлашиши;
•    иммуносупрессантлар. Ушбу дорилар васкулитнинг асосий сабаби бўлган иммунитет фаоллигини бостиради.
•    бошқа аутоиммун ва яллиғланиш касалликларини даволаш учун мўлжалланган препаратлар.

Васкулитнинг оғир ҳолатларида томир ичига иммуноглобулинлар ёки плазмаферез муолажаси буюрилиши мумкин. Бунда организмдан маълум миқдорда қон олинади ва у кераксиз элементлардан тозаланиб, ва қон оқимига қайтадан юборилади. Агар аневризма аниқлаган бўлса ва томир деворининг ёрилиши хавфи бўлса, жарроҳлик операцияси керак бўлади. Бунда зарарланган томир шунтланади, яъни томирнинг чўзилган жойини айланиб ўтиши учун янги сунъий йўл яратилади.
Даволаш усулларидан қайси бирини танлашни фақат шифокор ҳал қилади.

www.gepamed.uz