1. УЛЬТРАТОВУШЛИ ТЕКШИРИШ ОРҚАЛИ АНИҚЛАШ.
Хомиланинг ўғил-қизлигини аниқлаш нафақат хомиладорлик муддатига, балки УЗИ аппаратининг такомиллашгани ва текширувчи мутахассиснинг ўзига хам боғлиқ. Хомилада жинсий аъзоларининг такомиллашуви ва фарқланиши 10-12 хафталарга бориб якунланади. Шу сабабли 10 хафтагача бўлган хомиланинг жинсини айтиб беринг деб УЗИ врачининг миясини қотиришнинг хожати йўқ. Хомиланинг жинсини аниқлаш ўғил болаларда унинг мояклари ва «булбули»ни, қизларда эса катта жинсий лабларни топиш орқали айтилади.
Баъзан боланинг бармоқлари ёки оёқлари орасига тушиб қолган киндик чигалларини боланинг ўғиллиги билан адаштирса, қизларда кузатиладиган жинсий лабларнинг ўткинчи шиши моякларни ўхшаб кўринади. УЗИ орқали хомила жинсини аниқлашнинг оптимал мухлати 23-25 хафталар хисобланади. Хомилани 12-13 хафталигида УЗИ врачларини айнан қайси белгиларга асосланиб ўғил-қизлигини аниқлашнинг илмий белгиларини келгуси мақолаларда ёритамиз.
2. ХОРИОЦЕНТЕЗ - хорион биопсияси. Тегишли тиббий кўрсатмалар (генетик касалликлар-гемофилия ва бошқалар) бўлган тақдирда хомила жинсини аниқлаш 7-10 хафталарда хорионни биопсия қилиш орқали амалга оширилади. Бунинг учун ингичка игна орқали бачадон бўшлиғидан микроскопик миқдорда хорион бўлаги олинади ва унинг хромосом таркиби ўрганилади. Бу усул 97 % кафолат берган тақдирда хам боланинг тушиш хавфи билан асоратлангани учун махсус кўрсатмалар бўлмаса бажарилмайди.
3. АМНИОЦЕНТЕЗ –бунда хомиланинг қоғоноқ сувларини хромосом таркиби текширилади. Инвазив усул хисобланиб, 97% тўғри маълумот беради. Бу усул хам қатъий кўрсатмалар асосида бажарилади.
4. КОРДОЦЕНТЕЗ – бунда текшириш учун хомиланинг киндик қони олинади. Бу усул хам ирсий касалликларни боғлаб олиш хавфи туғилганда ўтказилади. Амниоцентез ва кордоцентезни хомиланинг 16 хафталигидан бошлаб ўтказиш мумкин.
5. MICROSORT СИСТЕМАСИ УСУЛИ. Бу усул нафақат хомилани ўғил-қизлигини аниқлаш, балки сперматозоидларни «ўғил бола» ва «қиз бола» га ажратиб саралаш орқали ота-онаси хохлаган жинсдаги фарзандни оталантириш имконини беради. Жуда мураккаб ва қиммат усул бўлиб, фақат ЭКО усули, яъни болани экстракорпорал оталантириш пайтида қўл келади.
© https://t.me/gepamed_ultra