ЭРИТРОЦИТЛАР НИМАГА КЕРАК ВА УЛАР НОРМАДА ҚАНЧА БЎЛАДИ?.

ЭРИТРОЦИТЛАР НИМАГА КЕРАК ВА УЛАР НОРМАДА ҚАНЧА БЎЛАДИ?.

Қизил қон таначалари – эритроцитлар организмдаги барча хужайраларнинг нафас олиши учун жавоб беради.

Қизил қон таначалари суяк кўмиги томонидан ишлаб чиқариладиган қон ҳужайраларидир. Гемоглобин оқсили ёрдамида улар кислородни тананинг барча тўқималарига етказиб беради ва улардан карбонат ангидридни ўпкага олиб боради. Ҳар сонияда 2 миллионтагача қизил қон таначалари ишлаб чиқарилади ва улар ўртача 120 кун яшайди.

Нима учун қондаги эритроцитлар сонини билиш керак?


Ушбу кўрсаткичга кўра, одамда қандай касаллик борлигини тахмин қилиш мумкин. Қизил қон ҳужайралари сонининг кўпайиши - эритроцитоз деб аталиб, у қуйидаги сабабларга кўра юзага келиши мумкин:
• Сигарет чекиш.
• Юрак касалликлари. Бу юрак туғма нуқсонлари ёки ўпка-юрак патологияси бўлиши мумкин (масалан, сурункали обструктив ўпка касаллиги ёки ўпканинг чандиқланиши хисобига юрак камераларини патологик кенгайиши);
• Қаттиқ сувсизланиш.
• Буйрак ўсмаси.
• Қондаги кислород даражасининг пастлиги (масалан, тоғларга чиқишда содир бўлади).
• Суяк кўмиги ўсмаси хисобига, эритроцитларнинг кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши.
• Баъзи дори-дармонларни қабул қилиш: масалан, анаболик стероидлар, эритропоэтин ёки гентамицин тутувчи антибиотиклар.

Қизил қон ҳужайралари миқдорини пастлаши - эритропения дейилиб, у қуйидаги сабаблар натижасида ривожланади:
• Қон кетиш.
• Суяк кўмигини токсинлар, ўсмалар ёки нурланиш таъсирида зарарланиши.
• Эритропоэтин гормони ишлаб чиқарилиши сусайиши билан кечувчи буйрак касалликлари. Одатда, буйрак эритроцитлар бўлинишини стимуллайди.
• Қизил қон ҳужайраларининг жуда тез нобуд бўлиши ёки гемолиз.
• Лейкемия. Бу қон саратонининг бир тури.
• Етарлича овқатланмаслик.
• Суяк кўмиги саратони ёки миелома.
• Темир, мис, фолий кислотаси, витамин В6 ёки В12 етишмаслиги.
• Ҳомиладорлик.
• Гипергидратация. Бу танада сув миқдорини кўпайиши.
• Эритроцитлар миқдорини туширувчи дорилар: оғриқ қолдирувчилар, кимётерапия препаратлари, эпилепсия ва юқори қон босимига қарши дорилар.

Қондаги қизил қон ҳужайраларининг нормаси қанча?
Бу инсоннинг жинси ва ёшига боғлиқ, яъни:
• эркаклар учун - ҳар микролитр қонга 4,7–6,1 миллион ҳужайра;
• аёлларда - микролитр қонга 4,2–5,4 миллион ҳужайра;
• болаларда - микролитр қонга 4,0–5,5 миллион ҳужайра.

Қонда қизил қон ҳужайралари миқдорини қандай аниқлаш мумкин?
Бунинг учун умумий қон тахлили ўтказилади. Бунинг учун махсус тайёргарлик кўришнинг ҳожати йўқ. Кўпинча, намуна бармоқдаги капиллярлардан, кам холда қўлнинг венасидан олинади. Янги туғилган чақалоқларда товон тешилади.

Қонда қизил қон ҳужайралари даражаси нормал бўлмаса, нима қилиш керак?
Эритроцитлар сонини юқорига ёки пастга оғиши аниқланса, терапевтга мурожаат қилиш керак. Таҳлил натижасини баҳолашда у нафақат эритроцитларга, балки бошқа кўрсаткичларга ҳам қарайди ва сизни безовта қиладиган аломатларни ҳам ҳисобга олади. Агар керак бўлса, шифокор қўшимча диагностика усулларини белгилайди ёки ихтисослашган мутахассисга йўллайди.

www.gepamed.uz