ТЕМИРТАНҚИС КАМҚОНЛИКНИНГ 6 ТА БЕЛГИСИ

ТЕМИРТАНҚИС КАМҚОНЛИКНИНГ 6 ТА БЕЛГИСИ

Анемия нима?
Анемия – бу қонда эритроцитлар ва гемоглобин микдорини камайиши билан характерланадиган патологик холат хисобланади. Унинг натижасида кислороднинг тўқималарга ўтиши ёмонлашади ва гипоксия пайдо бўлади. Организмда гемоглобин ишлаб чиқарилиши учун учун темир микроэлементи зарур хисобланади. Темир моддасининг камлиги натижасида юзага келадиган камқонлик – темиртанқис анемия деб аталади.

Қачон темир моддаси етишмайди?
Биз темирни гўшт, денгиз маҳсулотлари, ловия ва исмалоқ каби озиқ-овқат маҳсулотларидан оламиз. Овқат рационида бу каби  мева ва сабзавотларнинг камлиги темир микроэлементи етишмаслигига олиб келади. Темир танқис анемия асосан қон кетиши, шунингдек темирнинг ичакка нормал сингиб кетишига тўсқинлик қиладиган касалликлар туфайли юзага келади. Аёллар кўпинча туғруқ пайтида ёки хайз циклини бузилиши оқибатида кўп қон йўқотишларига мойил бўлади. Ошқозон яраси ёки сурункали ичак касалликларида хам ички қон кетиши кузатилади. Ошқозон-ичак трактининг баъзи яллиғланиш касалликларида, темир организмга овқат орқали етарлича кирса ҳам, сўрилиши бузилган бўлади.



Темир танқис камқонликка хос белгилар


1. Чарчоқни ҳис қилиш.
Оғир иш кунидан кейин толиқиш хиссини сезиш нормал холат ва бу 6-8 соатлик уйқудадан сўнг ўтиб кетади. Аммо агар ўзингизда тўлақонли уйқудан кейин хам тетиклик хис қилмасангиз, одатий кундалик ишларни бажарганингиздан кейин ҳам бўшашиш ва толиқиш ҳис қилсангиз - сизда сурункали чарчоқ синдроми бўлиши мумкин. Бундай вазиятда шифокорлар биринчи бўлиб гумон қилиши мумкин бўлган нарса – бу камқонлик хисобланади.

2. Тери ва шиллиқ қаватларни оқариши
Гемоглобин туфайли қонимиз қизил рангда бўлади. Темир танқислиги анемиясида айнан гемоглобин етишмайди. Тери ранги оқариб, лаблар кўкаради. Баъзида темир танқислик анемияда кўзлар сарғайиши кузатилади. Гарчи бу белги касалликнинг яна бир тури - гемолитик анемиянинг белгиси хам хисобланиши мумкин.

3. Хансираш
Анемия қанча кўп ривожланса, спорт билан шуғулланиш шунчалик қийинлашади. Жисмоний зўриқиш кучаймаса хам борган сайин дам олиш учун танаффус вақтини тезроқ ва давомлироқ бўлишини истайсиз. Хансираш пайдо бўлади. Зинапоядан кўтарилиш пайтида илгари муаммо туғилмаган бўлса, эндиликда енгил мехнатда хам нафас қисиши ва кислород етишмаслигини хис қиласиз. Унга қўшимча юракнинг тез-тез ва нотекис уриши кузатилади.

4. Музни чайнашни исташ
Агар танада темир ёки бошқа микроэлементлар етишмаса организм ўзини ғалати тутиши мумкин. Масалан, озуқавий қиймати умуман йўқ бўлса хам, музни шимиш истаги пайдо бўлиши мумкин. Бунинг сабаби фанга номаълум. Бир тадқиқот шуни кўрсатдики, анемия билан оғриган беморлар диққат-эътибор талаб қиладиган муаммоларни музни чайнашдан кейин яхшироқ ишлашган. Анемияда нафақат музга, балки бўёқ, крахмал ёки ҳатто қум каби еб бўлмайдиган нарсаларга истак пайдо бўлади.

5. Тирноқларнинг мўртлиги
Тирноқларнинг ранги, мустаҳкамлиги ёки шакли ўзгариши темир танқислигини билдиради. Айниқса, агар тирноқлар марказда бир оз эгилиб, қирралари қошиқ каби кўтарилса.

6. Нотинч оёқлар синдроми
Нотинч оёқлар синдроми – бунда оёқларни тинимсиз қимирлатиш ёки уларни холатини ўзгартириш истаги пайдо бўлади. Хиссиётлар турли хил тарзда тавсифланади: бу қичишиш, симиллаб ёки пульсацион оғриқ, ёки гуёки «терида совуқ» юргани каби сезилади. Бу белгилар кечқурун кучайиб боради ва ҳаёт сифатига таъсир қилади: уйқу бузилади, кўнгилдагидек дам олиш имкони бўлмайди.

Темир танқис анемия белгилари бўлса нима қилиш керак?
Биринчи ўринда терапевтга мурожаат қилишингиз керак. Улар Сиздаги аломатларнинг сабабини аниқлайди. Темир танқислиги анемияси таблеткалар ёки томчилар шаклидаги темир препаратлари билан даволанади. Агар овқат ҳазм қилиш тизимида темирни ўзлаштирилиши билан боғлиқ муаммолар бўлса ёки анемия оғир кечиб, темир танқислигини тезда бартараф этиш лозим бўлганда - томир ичига юбориладиган дорилар қўлланилади.

www.gepamed.uz