ПАРОДОНТОЗНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЭРТА АНИҚЛАШ МУМКИН?

ПАРОДОНТОЗНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЭРТА АНИҚЛАШ МУМКИН?

Пародонтоз нима?
Пеародонтоз - бу пародонт, яъни милклар, суяк, бойламлар ва шиллиқ қаватларни аста-секин зарарланиши билан кечадиган яллиғланишсиз касаллиги хисобланади. Пародонтоз натижасида тиш қаватларини яланғочланиши ва ўз вақтида врачга мурожаат қилинмаганда уларнинг қимирлаб қолиши ёки бутунлай тушиб кетиши кузатилади. Пародонтоз 1-8% одамларда учрайди. Илгари бундан фақат қариялар азият чекишган бўлса, энди ёшлар ҳам стоматологларга милкларга хос шикоят билан мурожаат қилишмоқда.
Пародонтозни кўпинча пародонтит билан алмаштиришади. Тўғри иккала касаллик ҳам охир-оқибат тишларнинг йўқолишига олиб келади. Уларнинг фарқи эса келиб чиқиш табиатида. Яъни пародонтит инфекция хисобига шаклланиб, оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя қилинмаганда ривожланади: милклар шишиб, қонайди, яллиғланиш белгилари юзага келади.

Пародонтоз қачон пайдо бўлади?
Одамларда пародонтоз ривожланишининг бир неча сабаблари бўлиб, улар қуйидагилар:
1.    Тишларга нотўғри ғамхўрлик қилиш. Тишларингизни ювишда агрессив ва босим билан харакатланганда милкларни шикастлаши. Тиш ковлагич ва тиш ипларидан нотўғри фойдаланиш.
2.    Аёллардаги гормонал ўзгаришлар. Аёлларда гормонлар баланси ҳаёт давомида ўзгариб туради. Бу айниқса балоғат ёши, ҳомиладорлик ва менопауза пайтида кузатилиб, айнан шу даврларда пародонтоз осон ривожланади.
3.    Айрим касалликлар. Қандли диабет, атеросклероз, гипертония, суяк шикастланиши ва ички органларнинг сурункали муаммолари пародонтоз ривожланишига мойиллик яратади.
4.    Ирсият. Тахминан 30% одамларда пародонтоз ирсий келиб чиқишга эга. Бундай ҳолда, оғизни яхши парвариш қилиш ёрдам бермайди.
5.    Чекиш. Сигарет тутуни таркибидаги моддалар оғиз бўшлиғидаги ҳужайраларнинг нормал ишлашини бузади. Бундан ташқари, чекувчилар тишларида караш (налёт) пайдо бўлиб, у милкларни аста-секин силжишига олиб келади.
6.    Нотўғри прикус. Тишлар нотекис ўсганда суяклар ва милкларга бериладиган босим ортади. Бу милклар пародонтал тўқималарини шикастланишига олиб келади.
7.    Пирсинг. Лаблар ва тилдаги пирсинг буюмлари оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватига ишқалаб таъсир ўтказади. Бу холатнинг мунтазам такрорланиши тишларни хам зарарлайди.

Пародонтознинг белгилари қандай?
Касалликнинг белгилари унинг қай даражада ўтиб кетганига боғлиқ. Пародонтоз касаллигини оғирлигининг 3 та даражаси фарқланади:
1. Енгил. Жағнинг турли қисмларида қичишиш, ачишиш ва оғриқ пайдо бўлади. Шиллиқ қават ёки рангини ўзгартирмайди ёки бироз оқаради. Бу турда милклар тортила бошлайди ва тишлар одатдагидан узунроқ кўринади. Улар ҳали ҳам ўз ўрнида мустахкам туради.
2. Ўртача. Милклар кўпроқ орқага чекинади. Тиш оралиқлари бироз кенгаяди. Беморлар иссиқ ёки совуқ ҳолдаги овқатларни еб-ичганда ёқимсиз хис сезадилар.
3. Оғир. Тишлар қимирлашни бошлайди, баъзида тушиб кетади. Яллиғланиш ва йиринг ривожланиши мумкин.

Пародонтоз қандай даволанади?
Касалликнинг дастлабки белгиларида сиз стоматолог ва пародонтологга кўрикка боришингиз керак. Улар текширади ва рентгенограмма тайинлайди. Агар ташхис тасдиқланса, қуйидаги тартибда даволаниш бошланади:
1.    Милкларга шикаст етказаётган омилни йўқотилади. Масалан, қаттиқ тиш чўткаси ёки пирсингни.
2.    Тишларни профессионал тозалаш амалга оширилади. Агар кариес бўлса, у билан курашилади. Қимирлаётган тишларни катта эхтимол билан олиб ташланади ва уларни тиш протезлари билан алмаштирилади.
3.    Беморларга пародонтда қон айланишини яхшилайдиган муолажалар буюрилади. Масалан, массаж ва физиотерапия.
4.    Дори препаратлари қабул қилинади: иммуностимуляторлар, гормонлар ва витаминлар.
5.    Махсус пархезга риоя қилинади: кўпроқ сут маҳсулотлари, сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш, гўшт ва туз миқдорини камайтириш таклиф этилади.

Пародонтоз касалликнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Инсон ўзида пародонтоз касаллигини топа олмаслигига юз фоиз кафолат йўқ. Профилактика мақсадида оғиз бўшлиғи тозалигига эътибор қаратинг, яъни:
1.    Тишларингизни кунига икки марта тозаланг. Бунинг учун икки дақиқа вақт ажратинг. Шиллиқ қаватига шикаст етказмайдиган фторли тиш пастаси ва юмшоқ чўткадан фойдаланинг. Тишларнинг ташқи, ички ва чайнаш томонларини тозаланг. Тилни хам унутманг. Унда хам кўп миқдорда бактериялар яшайди.
2.    Тиш ипларидан фойдаланинг. Стоматологлар кунига бир марта тиш ипларидан фойдаланишни маслаҳат беришади. Тиш иплари чўтка билан ишлов беролмайдиган нарсалар: озиқ-овқат қолдиқлари ва тишлар орасидаги карашни олиб ташлайди.
3.    Оғиз ювиш воситасида чайқанг. Бу оғиз бўшлиғидаги қолдиқ озиқ-овқат зарраларидан халос бўлишга ёрдам беради. Тиш чўткаси ёки ипидан фойдалангандан сўнг ундан кунига икки марта фойдаланинг.
4.    Мунтазам равишда профессионал тозалашни амалга оширинг. Бунда стоматолог милкларни кўрикдан ўтказади, тиш тошлари ва карашларни олиб ташлайди. Пародонтоз аломатлари пайдо бўлса, беморларни огоҳлантиради.
5.    Чекишни ташланг. Тамаки иммунитет тизимини заифлаштиради. Бундай беморларда пародонтозга қарши курашиш, шиллиқ қаватдаги яраларни даволаш қийинроқ кечади.


Www.gepamed.uz