ТУХУМДОНЛАР ПОЛИКИСТОЗИ НИМА ВА У ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

ТУХУМДОНЛАР ПОЛИКИСТОЗИ НИМА ВА У ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

Тухумдонлар поликистози синдроми – 15-44 ёшдаги аёлларда кўп учрайдиган эндокрин бузилиш хисобланади. Айрим маълумотларга кўра туғиш ёшидаги аёлларнинг 26,7 фоизида ушбу касаллик кузатилиб, хайз циклини оғриқли келиши ва юздаги хуснбузарлар билан намоён бўлади.

Тухумдонлар поликистози нима?

Бунга аниқлик киритиш учун анатомияни ёдга оламиз. Тухумдонлар – бу жуфт аъзо бўлиб, бачадоннинг икки томонида жойлашади. Уларда аёлларнинг жинсий (тухум) хужайралари етилиб, одатда хайз циклини ўртасида «ёрилади» ва буни овуляция дейилади. Ундан ташқари тухумдонлар эндокрин функцияни хам бажаради – уларда жинсий гормонлар етилиб, қонга  қуйилади. Бу жуда мураккаб ва аниқ жараёнлар бўлиб, айрим холларда уларда бузилиш кетади.        
Тухумдонлар поликистозида гормонлар ва тухум хужайралар хосил бўлиши бузилади. Тухумдонлар кўпроқ андрогенлар – эркак гормонлари синтезлашни бошлайди. Тухум хужайралар эса етилиб улгурмайди, тухумдондан ажралиб ёрилмайди, яъни овуляция кузатилмайди.    
Ойма-ой тухумдонларда ёрилмай қолган диаметри 8 мм гача бўлган тухум хужайралари тўпланиб қолиб, тухумдон ўлчами ва хажми катталашади. Шу тариқа тухумдонда кўпгина кистачалар хосил бўлади.   

Тухумдонлар поликистозини қандай белгилари бор?

Тухум хужайраларнинг етилиши ва гормонлар синтезини бузилиши бир қатор клиник белгиларни намоён қилади:
•    Хайз кўришнинг номунтазамлиги ёки йўқолиши.
•    Хайз кунлари киндик пастида тортишиб оғриш ва одатдагидан кучлироқ қон кетишлар.
•    Овуляция бузилиши хисобига хомиладор бўлишни қийинлашиши.
•    Андрогенлар кўпайиши хисобига маскулинизация белгилари (эркакларга хос тукланиш).
•    Бошдаги сочларни тўқилиши.
•    Гормонал бузилишлар хисобига семириш.
•    Юз ва тананинг бошқа қисмларига хуснбузарлар тошиши (акне).




Тухумдонлар поликистози нимаси билан хавфли?

Ёш ўтган сайин эндокрин бузилишлар оғирлашиши, ой суриш ва акнедан бошқа соғлиқ учун яна бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Булар қуйдагилар:
•    холестерин миқдорини ортиб кетиши;
•    қандли диабетнинг 2-типини ривожланиши;
•    депрессия;
•    хомиладор бўлган тақдирингизда хам гестоз ривожланиши (қон босими ортиши, шишлар, хомиладорлик тушиши каби асоратлар);
•    овқатланиш хулқини бузилиши;
•    апноэ – уйқу пайтида нафасни тўхташи;
•    алкоголли стеатогепатит – жигарни яллиғланиши ва ёғланиши;
•    бачадондан аномал қон кетишлар;
•    бачадон шиллиқ қавати саратони.

Тухумдонлар поликистози қайдан ривожланади?
Эндокрин бузилишлар ва тухумдонлар поликистози ривожланишига олиб келадиган сабаблар қуйидагилар бўлиши мумкин:
1. Инсулиннинг ортиқчалиги
Инсулин – қонда қанд миқдорини бошқарадиган гормон. У организмдаги бошқа гормонлар билан чамбарчас боғлиқ. Масалан, инсулинни ортиши - андрогенларни кўпайтиради. У эса ўз навбатида тухумдонлар поликистозига сабаб бўлади.
2. Андрогенларнинг ортиқчалиги
Тухумдонлар маълум сабабларга кўра ортиқча эркаклар гормонини ишлаб чиқаради ва улар кисталарга олиб келади.
3. Ирсий мойиллик
Поликистоз синдромига олиб келувчи аниқ бир генни аниқлашмаган бўлсада унинг ривожланишида ирсият мухим роль ўйнайди ва бу касаллик онадан болага узатилади.
4. Хроник яллиғланишлар
Организмда кучсиз кечувчи яллиғланиш жараёнлари иммун тизимини зўриқтириб доимий шай холатида ушлаб туради. Масалан хроник яллиғланишлар, чўзилган стресс холатлари, тез-тез қайталанувчи тумов каби холатлар андрогенлар ортишига олиб келади.   

Тухумдонлар поликистози қандай даволанади?
Агар Сиз ўзингизда айтиб ўтилган белгиларнинг камида 2-3 тасини топган бўлсангиз, гинекологингизга мурожаат қилинг. Улар сизни тинглаб, кўрикдан ўтказади. Аниқ ташхис қўйиш учун қон тахлилларини топшириш ва ультратовушли текширишга хам юбориши мумкин.  

Агар гап поликистоз синдроми хақида гап кетганда мутахассислар қуйидаги препаратларни буюриши мумкин:
•    орал контрацептивлар – хайз циклини тиклаш учун;
•    гормонал препаратлар – андроген ёки инсулин даражасини камайтириш учун;
•    андрогенларнинг терига таъсирини блоклайдиган препаратлар (масалан, акнеда);
•    бепуштликка қарши дорилар – хомиладор булишни истаганларда.

Овуляцияни тиклаш учун кичик оператив муолажалар хам қўлланиши мумкин.

Ундан ташқари врачлар хаёт тарзига бир қатор ўзгартириш киргизиш кераклигини тавсия қилади:
•    Овқатланиш режимини коррекциялаш – оддий углеводлар (ширинликлар, яримфабрикатлар) ни чегаралаш. Бу махсулотлар қонда инсулин миқдори оширади.
•    Кўпроқ харакатланиш: жисмоний юкламалар биринчидан инсулин миқдорини камайтирса, иккинчидан ортиқча вазнни йўқотади.
•    Камроқ асабийлашиш - стресс хроник яллиғланишга олиб келади.
•    Уйқу режимига риоя қилиш - 8 соатдан кам ухламаслик.


www.gepamed.uz