УГРИ ТОШМАЛАРИ ХАҚИДА

УГРИ ТОШМАЛАРИ ХАҚИДА

АКНÉ ЁКИ УГРИ́ – бу терини яллиғланиш касаллиги бўлиб, соч фолликулалари ва ёғ безлари структураларида кечувчи ўзгаришлар билан характерланади.

Акне сабаблари ва келиб чиқиши.
Акнени ривожланишида асосий роль себореяга қаратилиб, унинг натижасида терининг бактерицид эффекти камаяди ва кокк флорасини фаоллиги ортади. Акне келтириб чиқарувчи яна бир мухим омилларга Propionibacterium acnes бактерияси ва унинг хаёт тарзи махсулотлари киради.
Акненинг оддий (ўсмирлар) тури фарқланиб, у болалар ва қизларда жинсий етилиш даврида пайдо бўлади ва 25-30 ёшга келиб йўқолади.

Акнени ривожланиши сабаблари.
1.    Ирсий омиллар
2.    Гормонал ўзгаришлар ва хайз цикли
3.    Хавонинг ортиқча иссиқлиги ва ортиқча намлиги
4.    Таркибида ланолин ва парафин тутувчи косметик воситалар
5.    Айрим дори препаратларининг ножўя таъсири: анаболик стероидлар, барбитуратлар ва фтор, хлор, бром, йод тутувчи дорилар
6.    Ошқозон ичак касалликлари
7.    Демодекоз - угри канаси
8.    Ёғ безларини фаоллигини кучайиши
9.    Ўлган тери хужайраларини тўпланиб қолиши
10.    Терини зарарланиши, дерма қаватининг бутунлигини бузилиши  
11.    Гормонлар: тестостерон, дигидротестостерон
12.    Тухумдонлар поликистози ва Кушинг синдроми
13.    Менопауза даврида эстрадиол гормони етишмаслиги

Акнени клиник манзараси
Клиник жихатидан акне тошманинг турли кўринишида кечиб юз териси, кўкракнинг тепа қисми ва елкада, яъни йирик тер безлари энг кўп сохаларда жойлашади. Угри тошмалари асосида яллиғланиш жараёни кетиб, махаллий тўқималар эрийди ва йиринг холида тўпланади. Бу йирингли пуфакчалар пустула деб аталиб, ташқарига ёрилади, жойи бўшаб қуригач, ўрнида қобиқча хосил бўлади. Улар тўкилгандан ўрнида сўнг кўкиш-пушти рангдаги чандиқчалар қолади.  

Акненинг энг кенг (айниқса ўсмирларда) тарқалган  тури acne vulgaris хисобланади. Тер ва ёғ безларининг ортиқча миқдорда ишлаб чиқарилиши, яъни кератинизация жараёнини бузилиши, тери фолликулалари йўлларини блоклаб тўсиб қўяди. Натижада бу тиқилмалар остида тери ёғ тўқимасини тўпланиши кузатилади. Бу ёғлар ўз навбатида терида мавжуд бўлган Propionibacterium acnes ва Malassezia каби микроорганизмларнинг кўпайишига қулай шароит яратади.

Акнени даволаш ва олдини олиш

Даволаш узоқ давом этади ва асосан себореяни йўқотишга қаратилади. Акне оғир кечганда антибиотиклар буюрилади. Илгари кенг қўлланилган аутогемотерапия (ўз қонини қайтадан қуйиш) усулини ёрдам бериши хозирда ўз тасдиғини топмаган. Ундан ташқари беморларга антистафилококкли гаммаглобулин, 2 ой давомида кунига 100 000 МЕ витамин А, эстрогенлар (фолликулин, диэтилстильбэстрол) тавсия этилади. Махаллий тарзда 2-3 % ли салицил кислотаси, УФ-нурлаш, криотерапия, диатермокоагуляция усулларидан фойдаланилади.  
Жаррохлик усулида йиринглаган акнени ёриш ёки угрининг ёғли стерженини олиб ташлаш мумкин.  

Ўсмирлар угриларини профилактика қилиш себорияни даволашдан иборат. Ундан ташқари соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, ёғли овқатлардан пархез қилиш ва рух препаратларини қўллаш мумкин. Рух микроэлементи тер безлари ишини тормозлаб, нейтрофилларнинг фосфотаза фаоллигини камайтириш орқали яллиғланишни камайтиради.

Хозирда угриларга қарши курашиш қуйидаги 5 та йўналишни ўзичига олади:
1.    Терининг ўлган хужайраларини ажралишини нормаллаштириш
2.    P. acnes (пропион акне) бактериясини йўқотиш
3.    Яллиғланишга қарши эффект
4.    Гормонал таъсир ўтказиш
5.    Юқоридагиларни биргаликда қўллаш.


Www.gepamed.uz