MTS – НИМА? ЁКИ САРАТОН МЕТАСТАЗИ ХАҚИДА

MTS – НИМА?  ЁКИ САРАТОН МЕТАСТАЗИ ХАҚИДА

МЕТАСТАЗ - грекча meta stateo - «бошқача жойлашган сўзидан олиниб, хар қандай ёмон сифатли ўсмаларнинг иккиламчи ўсиш ўчоғи хиобланади. Кўп холларда саратон касаллиги жигар, ўпка, умуртқа поғонаси ва регионар лимфа тугунларида иккиламчи ўчоқларни хосил қилади. Метастазланиш организмнинг ўсма билан курашувчи резервлари тугагандан сўнг кузатилади.

Патогенези.
Сўнгги концепцияларга қараганда метастазни ривожланишида 3 та босқич фарқланади:
1-босқич: ўсма ривожланиши билан ундан ажралган хужайралар қон ёки лимфа томирлари ичига кириб боради;
2-босқич: ўсма хужайралари гематоген ёки лимфоген йўллар орқали танада айланиб юради;
3-босқич: ўсма хужайралари қондан ўзлари севган аъзолар тўқимасига сизиб ўтади.
Одатда бу жараён секин кечади. Кўплаб ўсма хужайралари қайсидир босқичларда халок бўлади. Ундан ташқари асосий ўсма ўчоғи иккиламчи ўчоқларни ўсишини қандайдир маънода секинлатади. Тирик қолган ўсма хужайраларидан иккиламчи ўчоқ пайдо бўлиши метастатик жараён деб аталади. Ёмон сифатли ўсмалар яхши сифатли ўсмалардан айнан метастаз бера олиш хусусияти билан ажралиб туради.

Бу қандай кечади.
Метастазларнинг хосил бўлиши эхтимоли бирламчи ўсмаларнинг тури, ўсиши тезлиги ва соғлом тўқималардан фарқланиш даражасига боғлиқ. Бошқа жойга тарқалгандан сўнг ўсма хужайралари узоқ вақт нофаол қолиши ёки секин ўсиши мумкин. Аста-секин иккиламчи ўчоқда хужайраларнинг кўпайиши улардан махсус моддалар - ўсиш факторини ажралиши, унинг таъсирида ўсма атрофида капилляр тўрни ривожланишига сабаб бўлади. Бу эса организмдаги соғ тўқималар ривожланиши учун керакли бўладиган озуқани ўсма хужайраларига йўналтиради.

Метастазларнинг клиник белгилар намоён қилишгача бўлган вақт ўсмаларнинг тури ва дифференциация даражасига боғлиқ. Яъни паст дифференциацияланган ўсмаларда хужайралар соғлом хужайралардан буткул фарқлангани учун агрессив хисобланади ва тез метастаз беради. Юқори дифференциацияланган ўсмалар бир икки йилдан кейин метастаз беради, баъзан узоқ вакт (10 йилгача) латент қолиб, бирламчи ўчоқ жаррохлик йўли билан олингандан сўнг анча вақт ўтгач аниқланиши мумкин. Саратон ўсмаларини метастаз бериш эхтимолини бир қатор даво усуллари орқали тўхтатиш мумкин. Масалан, адьювант химиотерапия ташрихдан сўнг бажарилиб, организмда қолиб кетган саратон хужайраларини йўқотишга қаратилади.

Метастазланиш жараёни қаерда кечади?
Хавфли ўсмалар кўпинча лимфа тугунларига, жигарга, ўпкага ва камроқ – мускуллар, юрак, тери, талоқ, ошқозон остига метастаз беради. Метастаз жойлашуви бирламчи ўчоқни қаерда жойлашишига боғлиқ. Энг кўп учрайдиган метастазлар қуйидагилар:
Сут бези саратони – ўпка, жигар ва суякларга метастаз беради;
Бачадон ва тухумдонлар саратони – ўпка, жигар ва қорин пардага;
Ошқозон ва ошқозон ости бези саратони – жигар, ўпка ва қорин пардага;
Йўғон ичак саратони – жигар, қорин парда ва ўпкага;
Тўғри ичак саратони – жигар, ўпка ва буйрак усти безига;
Простата бези саратони -  суяклар, ўпка ва жигарга;
Буйраклар саратони – ўпка, жигар ва суякларга;
Ўпка саратони – буйрак усти бези, жигар ва иккинчи ўпкага;
Меланома – ўпка, тери/мушаклар ва жигарга;
Буқоқ бези саратони – ўпка, жигар ва суякларга.

Метастазлар нимаси билан хавфли?
Метастазлар барча хаётий мухим аъзо ва тўқималарни иш фаолиятини бузади. Онкологик беморларнинг аксарияти айнан метастазлар хисобига вафот этади. Ундан ташқари метастазлар беморнинг умумий холатини кескин оғирлаштириб, доимий оғриқсизлантириш талаб қилувчи кучли оғриқ келтириб чиқаради.  

Метастазлар қандай намоён бўлади?
Метастазларнинг клиник манзараси уларнинг жойлашган ўрнига боғлиқ. Масалан: қорин пардани зарарланиши- қоринда сув тўпланиши (асцит) га, ўпка пардасини зарарланиши – экссудатив плевритга, суяклар ва умуртқани зарарланиши – суякларда оғриқ ва суяклар синишига, ўпкани зарарланиши – хансирашга, жигарни зарарланиши – сариқлик ривожланишига олиб келади в хаказо.  

Метастазлар қандай аниқланади?
Функционал текшириш усуллари метастаз ва бирламчи ўчоқларни топиш, уларнинг жойлашуви, тарқалганлиги ва қўшни аъзоларга қанчалик ўсиб кирганлигини аниқлаш, ўлчамлари ўлчаш ва тўқима холатини бахолашга имкон яратади. Уларга: ультратовушли текшириш (УЗИ), рентгенография (R0), компьютерли томография (КТ), магнит резонансли томография (МРТ), позицион-эмиссион томография (ПЭТ) ва радиоизотоп текширишлар киради.


www.gepamed.uz