ЮҚОРИ НАФАС ЙЎЛЛАРИ (ТОМОҚ) МИКОЗИ.

ЮҚОРИ НАФАС ЙЎЛЛАРИ (ТОМОҚ) МИКОЗИ.

Томоқ (халқум) нинг замбуруғ касаллиги – тиббиётда фарингомикоз деб аталиб, 93% холларда кандида номли замбуруғ ва қолган холда моғор замбуруғи ёки бошқа патоген замбуруғлар томонидан чақирилади.

Фарингомикоз сабаблари
Кандида замбуруғи хар бир соғлом одамларда бўлади ва организмнинг иммунитетини тушишини кутиб туради. Бир қатор касалликлар, жумладан: сил, ВИЧ, қон касалликлари, вирусли инфекциялар, эндокрин патологиялар (гипотиреоз, семизлик, диабет) ва томоқни шикастланишлари кандидалар фаоллигини ортиши ва кўпайиб касаллик чақиришига сабаб бўлади.

Фарингомикоз белгилари
Касалликнинг бошида клиник манзараси яққол намоён бўлади, яъни:
•    Томоқда кучли дискомфорт, қуриш ва ачишиш хисси кузатилади;
•    Оғриқ симптоми турли интенсивликда, айниқса овқатланиш пайтида кузатилади;
•    Лимфа тугунларини катталашишини кузатиш мумкин;
•    Жараён томоқдан ташқарига чиққанда оғиз бурчакларини бичилиши, лабларни караш билан қопланишини аниқланади;
•    Тана харорати ортиб, бош оғриши мумкин;
•    Жараёнга тил, қизилўнгач ва хиқилдоқ қўшилиши мумкин.


Кандида табиатли микозда караш оқ рангли бўлиб, осон ажралади ва бунда зарарланган шиллиқ қават бироз қонайди ва ёқимсиз хид келади. Агар микоз моғор замбуруғли бўлса кул ранг караш билан қопланиб, қийин ажралади.
Фарингомикоз ўткир кечиши ва яхши даволанмаса хроник турга ўтиши ва бир йил давомида 10 мартагача қайталаниши мумкин.

Фарингомикоз диагностикаси
1.    Врач бемор шикоятларини тинглаб, визуал кўрик ўтказади ва халқумдан суртма олишга тахлилга жўнатади.
2.    Суртмада замбуруғ споралари, хужайраларини ва конкрет қўзғатувчисини аниқланади, қайси дорига сезгирлиги аниқланади.
3.    Касаллик сабабини топиш учун эндокринолог ва иммунолог кўригидан ўтиш,  диабет, гепатит, ВИЧ ва захмга қон тахлили топшириш мухим.


Фарингомикозни даволаш.
Олинган маълумотларга кўра врач даво чораларини белгилайди. Одатда махаллий ва тизимли дорилар қўлланилади. Бемор антибиотик олаётган бўлса тўхтатилади. Даво этаплари:
1.    Микрофлорани тиклаш: тўғри овқатланиш ва тирик бактериялар (пробиотиклар);
2.    Иммунитетни кўтариш: 1 ой давомида виферон, иммуномодуляторлар;
3.    Замбуруғга қарши препаратлар:
•    полиенлар (нистатин, леворин, амфотерицин);
•    азоллар (флуконазол, кетоконазол, дифлюкан, микофлюкан);
•    аллиламинлар (тербинафин).
Фарингомикознинг ўткир боскичи 2 хафта давомида даволанади. Ремиссиядан кейин препаратни профилактика мақсадида ичиш мумкин. Кандида замбуруғли микозда Флуконазол яхши ёрдам беради (кунига 1 таблеткадан 1 махал 14 кун ичилади).
4.    Махаллий даво: антисептик воситалар ёрдамида томоқни орқа деворига ишлов бериш, бодомсимон безларни ювиш. Бу мақсадда клотримазол, мирамистин, оксихинолин, натамицин, хлоргексидин антисептикларини қўллаш мумкин.
5.    Замбуруғга сабабчи бўлган йўлдош касалликларни даволанади.
6.    Халқ табобати:
•    Мойчечак (ромашка), календула, маврак (шалфей) қайнатмалари билан халқумни чайқаш (улар оғриқни қолдириб, яллиғланишни даволайди).
•    Иттикан (череда), қизилпойча (зверобой), бинафша (фиалка), прополис ёки лимон шарбатини сувда суюлтириб томоқни чайиш мумкин.
•    Саримсоқ пиёз ва чаканда (облепиха) мойи – замбуруғга қарши энг кучли восита.

Фарингомикозни профилактикаси

Томоқда ва бошқа аъзоларда замбуруғлар пайдо бўлмаслиги учун антибиотикларни даво курсига тўғри риоя қилиш керак. Уларни белгилангандан ортиқ мухлат қўлламаслик, ОРВИ ёки гриппни олдини олиш учун фойдаланмаслик керак.
Кортикостероидлар билан даволанганда оғиз бўшлиғини назорат қилиб туриш керак. Овқат егандан кейин оғиз бўшлиғини илиқ сувда чайиш, тиш ва милклар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш керак.

© www.gepamed.uz