Теридаги тўқ рангли доғлар инсон хуснини бузади ва уни гўёки «қаритади».
Пигмент доғлар нима?
Гиперпигментация – бу терида меланин пигментини нотўғри тақсимланиши хисобланиб, юзида сепкили бор инсонлар буни яхши тушунишади. Аммо сепкил инсонни ёшлигидан пайдо бўлиб кўп холларда ёқимли кўринади ва унинг эгалари ўз қиёфаларига ўрганиб улгуришади.
Пигмент доғлар эса умуман бошқа муаммо - улар бирданига пайдо бўлади, катта ўлчамли ва нотўғри шаклли бўлади, уларни беркитиш учун кўп ва қалин тонал воситалар талаб этади.
Доғларнинг хосил бўлиши сабаби – меланин ишлаб чиқарувчи хужайралар фаолиятидаги бузилиш хисобланади. Бу холат бир қатор касалликларнинг белгиси бўлиши мумкин.
Пигмент доғлар нимадан пайдо бўлади?
Тери хужайралари ишидаги бузилиш қуйидаги сабаблар хисобига ривожланади.
1. Ультрабинафша нурларнинг ортиқча таъсири
Ультрабинафша нурлар меланоцитлар, яъни терининг меланин моддасини ажралишини таъминловчи хужайраларни таъсирлайди. Одатда бунинг таъсирида терида бир хилда тарқалган загар (қорайиш) кузатилади. Лекин ультрабинафша нурлар таъсирини ортиқча кўп бўлиши меланоцитлар ишини кучайтириб юборади ва меланинг кечасию-кундузи катта миқдорда ишлаб чиқарила бошлайди. Пигмент доғлар солярий ва загар ихлосмандларининг доимий «муаммоси» хисобланди.
2. Терини шикастланиши ва қуёш таъсирида куйишлар
Загар (тобланиш) – организмнинг химоя механизми хисобланиб, у орқали одам танаси ультрабинафша нурларнинг зарарли таъсиридан химоялади. Тобланиш натижасида хосил бўладиган тўқ пигмент ультрабинафша нурларни тарқатиб ўзига хос барьер хосил қилади. Шу сабабли терининг зарарланган қисмида меланоцитлар максимал фаолликда ишлайди. Натижада ушбу сохалар қўшни сохаларга нисбатан тўқроқ бўлади.
3. Гормонал бузилишлар
Меланин хосил бўлиши гормонлар томонидан бошқарилади. Хомиладорлик, хомиладорликка қарши препаратларни ичиш ва эндокрин касалликлар гормонал фонни бузади. Натижада пигмент доғлар хосил бўлади.
4. Ёш
Ёш ўтган сайин инсон териси юпқалаша боради ва меланоцит хужайралари терининг деярли юза қисмига ўтиб қолади. Ёшликда қалин тери остида яширинган меланин дозалари ёш ўтгач сезила бошлайди. Натижада ёшга хос доғлар пайдо бўлади.
5. Айрим дориларни қабул қилиш
Тетрациклин қаторидаги антибиотиклар, ретиноидлар ва химиотерапия препаратлари гиперпигментацияга сабаб бўлади.
6. Ички аъзоларни фаолиятини бузилиши
Пигмент доғларнинг хосил бўлиши – кўп холларда жигар, ўт пуфаги, ошқозон-ичак йўллари ва буйраклар патологияси белгиси бўлиши мумкин.
Пигмент доғларни даволашни нимадан бошлаш керак?
Биринчи ўринда дерматологга учраш зарур. Улар Сизнинг терингизни кўриб чиқади, хаёт тарзингиз ва қабул қилаётган дори воситаларингиз билан қизиқади, керак бўлса қўшимча касалликларни аниқлаш мақсадида тиббий картангизни ўрганиб чиқади. Айрим пайтларда меланома ривожланишини инкор этиш мақсадида биопсия текшируви ўтказилиши мумкин.
Бир нарсани эсдан чиқарманг – «доғларни хосил бўлиши сабабини аниқламасдан туриб, уларни даволашдан маъно йўқ». Агар касаллик ички аъзолар яллиғланиши хисобига боғлиқ бўлса, уларни даволамагунча қайта-қайта ривожланиши мумкин.
Пигмент доғлардан қандай қутулиш мумкин?
«Ички дунёингиз» соғ бўлсаю, пигмент доғлар бошқа сабаблар натижасида ривожланса уларга қарши курашиш лозим. Бунинг учун терини зичроқ ва тўлиқроқ қилиш керак. Мақсад терини меланоцитлар устидаги қатламини қалинлаштириш ва пигментларни беркитиш. Бу икки йўл билан амалга оширилади:
1. Кундалик косметика воситаларига идрокли ёндашиш. Терини кучли намловчи ва озиқлантирувчи эффектли воситаларни қўллаш.
2. Сув истеъмоли режимини назорат қилиш. Организм ва тери етарли даражада суюқлик олиши зарур.
Пигмент доғларни йўқотиш
Буни турли усуллар билан амалга ошириш мумкин. Оддий (уй шароитидаги) дан тортиб мураккаб (профессионал) усулларгача. Қуйида эффективлиги ортиб бориши даражасида кўрсатилиб, барча усулларда тери зарарланади. Шу сабабли пигмент доғлари қолмаслиги учун қуёш нуридан химояланиш ва SPF-50 кремини қўллаш тавсия этилади.
Шу ерда айтиб ўтиш лозимки ноэстетик доғлар билан курашишни куз ойларида бошлаган маъқул. Шундагина шикастланган терининг бевосита қуёш нурлари билан таъсири кескин камаяди.
1. Оқартирувчи крем ва мазлар – бу воситалар гидрохинон ва ретин кислотаси тутиб, қўлланилганда терида енгил «пилинг» эффекти олинади ва хужайралар регенерациясини тезлатади.
2. Оқартирувчи ниқоблар – бу воситаларни аптека ва супермаркетлардан топиш мумкин. Ўз навбатида уй шароитида табиий махсулотлардан тайёрланган ниқоблар хам эффектив хисобланади. Энг асосийси бундай ниқоблар кислота тутиши керак. Масалан:
• Лимонли хамиртурушли ниқоб
• Лимон ва асалли оқартувчи ниқоб
• Кефирли оқартувчи ниқоб
3. Мезотерапия – бу махсус оқартирувчи препаратларни инъекция орқали тери остига юбориш хисобланади. Крем сингари аммо эффекти юқорироқ. Бир сеансдаёқ пигмент доғларни оқартириш мумкин. Аммо тўлиқ йўқотиш учун бир неча сеанс зарур.
4. Микродермабразия – бу скраб ёрдамида оқартириш принципига асосланган бўлиб, косметолог махсус насадка ёрдамида терини «шлифовкалайди» ва пигмент билан зарарланган юқори қаватни шилиб ташлайди.
5. Химик пилинг – бу муолажа маъноси терига химик актив бирикмаларни суртишдан иборат. Бу бирикмалар албатта кислота тутиши зарур: гликол кислотаси, сут кислотаси, узум ёки олма кислотаси. Бу муолажалар профессионал косметолог томонидан бажарилади, махсус бирикмалар пигмент билан зарарланган терининг юза қаватини эритиб, йўқотади. Ундан ташқари хужайралар регенерациясини кучайтиради.
6. Лазеротерапия – маълум бир узунликдаги лазер тўлқинлари айнан зарарланган тери хужайраларига танлаб таъсир этиб, қўшни соғ тўқимани шикастламайди. Лазер таъсирида меланин парчаланиб, пигмент доғлар унча катта бўлмаганда битта муолажадаёқ муаммони хал қилиш мумкин.
© www.gepamed.uz
