ФИБРОТЕСТ – ЖИГАР ФИБРОЗИНИ АНИҚЛАШНИНГ ЯРИМ ИНВАЗИВ УСУЛИ

ФИБРОТЕСТ – ЖИГАР ФИБРОЗИНИ АНИҚЛАШНИНГ ЯРИМ ИНВАЗИВ УСУЛИ

ФИБРОТЕСТ – бу жигар фибрози даражасини қоннинг биохимик тахлиллари асосида билвосита текшириш хисобланиб, кўпинча ортиқча семизлик ёки бошқа сабабларга кўра Фиброскан текширувини қўллаб бўлмаган беморларда ўтказилади.

Жигар фиброзини аниқлаш учун қоннинг серологик маркерлари 2 турга ажратилади:
1.    Бевосита биомаркерлар – улар қон зардобидаги фиброз толаларнинг миқдори хақида бахо берадиган фиброгенез медиаторларидан иборат (I, III, IV типдаги коллагенлар, гиалурон кислота, ламинин, ТИМП ва цитокинлар). Бу кўрсаткичлар нафақат жигардаги, балки ошқозон ости бези, ўпка ва бошқа аъзолардаги фиброз хақида маълумот бергани учун специфик хисобланмайди ва амалиётда кам қўлланилади.
2.    Билвосита биомаркерлар – уларга жигар фаолиятини бузилиши ва фиброз даражасини аниқловчи биохимик лаборатор кўрсаткичлар (АсАТ, АлАТ, ишқорий фосфатаза, ГГТП, умумий билирубин) ва ўткир фазали (альфа-2-макроглобулин, гаптоглобин, ферритин ва бошқалар) оқсиллар киради.

Ушбу лаборатор тестлар асосида бир қатор индекслар ишлаб чиқарилган. Жумладан, FibrоТеst панели жигар фибрози даражасини аниқласа, ActiTest – жигар тўқимасидаги яллиғланишнинг гистологик фаоллигини белгилаб беради.
FibrоТеst синамаси 5 та биохимик кўрсаткичлар (альфа 2-макроглобулин, гаптоглобин, аполипопротеин А1, гамма-глутамилтранспептидаза, умумий билирубин) ни ўз ичига олиб қуйидаги математик формула ёрдамида хисоблаб чиқилади:  

z=4.467 x log10 [1.9 (ɡ /L)] – 1.357 x log10 [0.652 (ɡ /L)] + 1.017 x log10 [60 (IU/L)] + 0.0281 x [36)] + 1.737 x log10 [18,126 (μmol / L)] + 0.301 x 1-5.54


Маълум бўлишича АсАТ миқдори катталиги жигар фибрози билан бевосита боғлиқ. АсАТ кўрсаткичини АлАТ га нисбатини 1 дан катта бўлиши (Де Ритис индекси) жигардаги фибрознинг яна бир мухим белгиси хисобланади.

Жигар фибрози даражасини тегишли қон тахлиллари мавжуд бўлса, шунингдек http://gepatit-s.ru/fibrotest/  ёки  http://fibrotests.narod.ru/ft.html  сайтлари орқали онлайн тарзда аниқлаш мумкин.


Фибротест текширувига қарши кўрсатмалар.
•    Ўткир гепатитлар
•    Жигардан ташқари холестаз
•    Жильбер синдроми
•    Ўткир гемолиз


© Www.gepamed.uz