ЭЛАСТОМЕТРИЯ НИМА?

ЭЛАСТОМЕТРИЯ НИМА?

Хар қандай даво чорасини белгилаш тўғри қўйилган ташхисдан сўнг амалга оширилади. Замонавий тиббиётда касаллик ташхисини шакллантиришда лаборатор ва функционал текшириш усулларининг улуши катта. Вирусли гепатит билан оғриган беморларда даво режасини тузиш жигарнинг фибрози мавжудлиги ва унинг қайси даражада эканлигига боғлиқ.

Ультратовушли эластометрия термини тўқималарнинг қаттиқлик (фиброз) даражасини уларга механик таъсир ўтказиш натижасида силжиши ёки шаклини ўзгартиришини ва бу маълумотларни ультратовушли сканерлар ёрдамида ёзиб олишни англатади.
Ультратовушли эластометриянинг информативлиги кўплаб ёмон сифатли ўсмаларнинг яхши сифатли ўсмалар ва ёндош соғ тўқималарга нисбатан қаттиқроқ тўқима тузилишига эга эканлиги билан тушунтирилади. Бу хусусият В-режимли ультратовушли сканерлар орқали олинадиган тасвирларда деярли фарқ қилмаслиги мумкин. Тўқималар эластиклиги кўрсаткичи қаттиқлик (Юнг) модули ёрдамида бахоланади.

Сўнгги йилларда қарши кўрсатмаларининг кўплиги ва асоратларининг мавжудлиги сабабли жигар тўқимасини гистологик текширув методи хисобланган биопсия усулига бўлган талаб кескин камайган. Фибротест синамалари ва фиброскан ускунасида жигарнинг қаттиқлиги даражасини аниқлаш усулларидан олинаётган маълумотларнинг турли туманлиги гепатологларни иккилантириб қўймоқда.

Замонавий тиббиёт олдида жигарнинг қаттиқлик даражаси (фибрози) ни аниқлай оладиган текшириш усулларига қуйидаги талаблар қўйилган:
1.    ноинвазивлик (танани бутунлигини сақланиши)
2.    хавфсизлик (асоратлар ва нурланиш хавфини бўлмаслиги )
3.    жигарнинг катта хажмдаги тўқимасини текшириш имкони бўлиш кераклиги.
4.    осон бажарилиши.
5.    кам харажат талаб этилиши.
6.    кам вақт талаб этилиши.

Охирги йилларда Европа тиббиётида жигарнинг қаттиқлик даражасини ультратовушли эластометрия ёрдамида текшириш усули йўлга қўйилиб, у санаб ўтилган барча талабларга тўлиқ жавоб беради. Яъни:
1.    Эластометрия усули текширилувчи учун хавфсиз, тана бутунлиги бузилмайди, асоратлари йўқ.
2.    Бу усулда жигарнинг исталган сегментлари ва исталган чуқурлигини текшириш имкони мавжуд.
3.    Эластометрия усулида текшириш мураккаб эмас, текширув натижалари кПа ёки м/с бирликларида Метавир шкаласида берилади.
4.    Бу усул кам харажат талаб этади.
5.    Текшириш натижаларини 10-15 дақиқадаёқ олишни имкони мавжуд.
6.    Даво терапияси эффективлигини бахолашда мониторинг текширув учун қулай.
   
2 D SWE – силжувчи тўлқинли эластометрия технологиялари жамланган ультратовушли текшириш ускуналари GE, Toshiba, Supersonic imaging ва Siemens компаниялари томонидан чиқарилмоқда.

2018 йилдан бошлаб Андижон шахрида Гепамед-ультра хусусий тиббий корхонасида (Республикамизда биринчилардан бўлиб) General Electric компаниясининг LOGIQ S8 ускунаси тизимида 2D SWE – технологияси бўйича жигарнинг қаттиқлик даражасини ультратовушли эластометрия усулида текшириш йўлга қўйилган бўлиб, вирусли гепатит билан оғриган беморлар учун нисбатан арзон ва қулай текширувдан ўтиш имкони яратилди.

Батафсил:  https://www.youtube.com/embed/Itvoz5AOKmA




© www.gepamed.uz