ЭНДОМЕТРИОЗНИ ТАШХИСЛАШ, ДАВОЛАШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШ.

ЭНДОМЕТРИОЗНИ ТАШХИСЛАШ, ДАВОЛАШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШ.

Эндометриозни диагностикаси.
Эндометриозни ташхислашда жинсий аъзоларни шунга ўхшаш белгилар билан кечувчи бошқа касалликларини инкор этиш лозим ва у қуйидаги тартибда олиб борилади:
1.    Шикоятлар ва анамнезни йиғиш: айниқса оғриқ синдроми характерига, ўтказилган гинекологик касалликларга эътибор қаратилади;
2.    Гинекологик текширув: хайз пайтида кўзгу ёрдамида қин орқали ёки ректовагинал кўриклар ўтказилади;
3.    Кольпоскопия ва гистросальпингоскопия: зарарланган жойни аниқлаш ва биопсия олиш учун бажарилади;
4.    Ультратовушли текшириш: Кичик чаноқ аъзолари ва қорин бўшлиғи эндометриоз ўчоғини аниқлаш учун текширилади;
5.    КТ ёки МРТ: мультиспирал компьютерли томография ёки магнит резонансли томография эндометриоз ўчоғини аниқлаш ва даволаш жараёнида назорат қилиш учун бажарилади;
6.    Лапароскопия: эндометриоз ўчоқларини визуал кузатиш, сонини аниқлаш учун ўтказилади;
7.    Гистеросальпингография (бачадон ва унинг найларини рентген тасвирини олиш) ёки гистероскопия (бачадон бўшлиғини эндоскопик кўриш): адеомиозни 83% холларда аниқ ташхислайди;
8.    Онкомаркерларга текшириш: эндометриоз касаллигида ўсма маркерларидан СА-125, РЭА ва СА 19-9 нинг миқдори бир неча маротаба ортиб кетади.



Эндометриозни даволаш.
Эндометриозни даволашда қуйидаги кўрсаткичларга эътибор қаратилади: беморнинг ёши, хомиладорликлари ва туғруқлари сони, жараённинг тарқалганлик даражаси, жараённинг клиник намоён бўлиши даражаси, ёндош касалликларнинг мавжудлиги, хомиладорлик бўлиши зарурияти. Эндометриознинг даволаш усуллари: медикаментоз, жаррохлик ва комбинацияланган турларга бўлинади.

Консерватив даволаш.
Касаллик белгиларсиз кечганда, бемор аёл ёш бўлганда, пременопаузада, туғиш нияти бўлган бўлган аёлларда консерватив даво ўтказилади. Бунда қуйидаги препаратлар гурухи қўлланилади:
1. Гормонал препаратлар: комбинацияланган эстроген-гестаген ва антигонадотроп препаратлар - улар эстрогенлар ажралиши ва овуляцияни, шунингдек гипоталамус-гипофиз тизимида гонадотропинлар синтезини блоклайди тормозлайди (бир қатор ножўя таъсирлари бор).
2. Иммуностимуляторлар.
3. Оғриққа қарши спазмолитиклар ва анальгетиклар.

Жаррохлик усули.
Орган сақловчи усул – касалликнинг ўртача ва оғир кечишида амалга оширилиб, эндометриоз гетеротопийларини олиб ташлашдан иборат бўлади. Масалан, эндометриоид кистани олиб ташлаш ёки спайкаларни кесиш. Бу усул гетеротопийлар ўлчами 3 см дан катта бўлганда, медикаментоз даво ёрдам бермаганда, ичаклар, буйраклар, сийдик пуфаги ёки сийдик найлари фаолияти бузилганда бажарилади.  
Радикал усул – гистерэктомия, аднексэктомия. Аёл ёши 40 дан катта бўлганда, касаллик актив кучайиб борганда, эндометриоз ўчоғи жойлашган аъзони бутунлай олиб ташлаш билан характерланади.  

Эндометриоз касаллиги қайталанишга мойил бўлиб, 15-40% аёлларда ташрихдан кейинги рецидивлар кузатилади. Эндометриоз касаллигини даволаш бемор аёл холати қониқарли холатга келганда, оғриқ ва бошқа субъектив шикоятлар йўқолганда ва 5 йил давомида рецидив бермаганда эффектив хисобланади. Фертил ёшида эса хомиладорлик ва туғиш функциясини тикланиши даволаш эффективлигини белгилайди.

Эндометриозни профилактикаси.
Эндометриознинг илк белгилари пайдо бўлиши билан гинеколог маслахатини олиш талаб этилади. Нотўғри ёки мустақил даволаниш ножўя окибатларга сабаб бўлади: хар бир кейинги хайз пайтида янги-янги гетеротопийлар пайда бўлади, кисталар хосил бўлади, чандиқли жараёнлар ва спайкалар хисобига бачадон найи ўтказувчанлиги бузилади.
Эндометриозни олдини-олиш қуйидагиларни ўз ичига олади:
•    Дисменорея билан шикоят билдирган ўсмир қизларни специфик текшириш;
•    Аборт ёки бошқа жаррохлик муолажаларини ўтказган аёлларни назорат қилиш;
•    Гинекологик ўткир ва хроник патологияларни тўлиқ даволаш.;
•    Орал гормонал препаратлар қабул қилиш.

Эндометриоз ривожланиши хавфи қуйидаги аёлларда юқори бўлади:
•    Хайз циклини давомийлиги қисқариши кузатиладиган аёллар;
•    Алмашинув жараёнлари бузилган, ортиқча вазнли аёллар;
•    Бачадон ичи контрацептивларини қўлловчи аёллар;
•    30-35 ёшдан юқори аёллар;
•    Эстроген гормони юқори аёллар;
•    Иммунодепрессия билан жабрланган аёллар;
•    Ирсий мойиллиги бор аёллар;
•    Бачадонда операция ўтказилган аёллар.

© www.gepamed.uz