ОТИТ – ҚУЛОҚ ШАМОЛЛАШИ

ОТИТ – ҚУЛОҚ ШАМОЛЛАШИ

Отит- қулоқнинг бирор бир қисмини яллиғланиши хисобланиб, асосан ёш болаларда кузатилади. Статистика бўйича 3 ёшгача бўлган 80% болалар отит билан оғрийди. Отит эшитишни бузилиши, пасайиши ва умуман карлик холатига сабаб бўлиши мумкин.

Отит сабаблари.
Отит кўп холларда респиратор касалликлардан сўнг ривожланади. Бунда халқум ва қулоқнинг ўрта қисмини боғлаб турувчи евстахий найида шиш ва суюқлик тўпланиши, кейинча унда вирус ва бактерияларни кўпайиши кузатилади. Етти ёшгача бўлган болаларда бу най калта ва тўғри бўлгани учун отит айнан шу ёшда кўп учрайди. Отитнинг механик ва травматик турлари эса гигиена қоидаларини бузиш оқибатида келиб чиқиб, кўпроқ катта ёшда кузатилади.

Отит турлари.
Инсон қулоғи уч қисмдан ташқи, ўрта ва ички қисмлардан тузилган бўлиб, яллиғланиш жараёнини жойлашишига кўра отитнинг хам ташқи, ўрта ва ички турлари фарқланади. Касаллик белгилари хам шамоллашнинг айнан қайда жойлашишига боғлиқ бўлади. Амалиётда отитнинг асосан ўрта тури учрайди. Касаллик кечишига кўра ўткир, ярим ўткир ва хроник турлари; ажралмаларнинг характерига кўра: сероз ёки йирингли турлари фарқланади.
Ўрта отит белгилари
•    қулоқларда кескин оғриқ;
•    болаларни тинмай йиғлаши;
•    уйқусизлик;
•    қулоғини кўли билан ёки ёстиққа ишқалаши;
•    қулок супрасини босганда оғриши;
•    қулоқларда йирингли ажралмалар келиши (йирингли турида);
•    иситма, иштахасизлик, бўшашиш, қусиш ва ич кетиши;

Ташқи отитда юқоридаги белгилардан ташқари: қулоқ супрасини шиши ва қизариши, қулоқ атрофида майда пуфакчасимон тошмаларни хосил бўлиши, ёндош лимфа тугунларини катталашуви кузатилади.

Отитнинг ички турида эса яна қулоқларда шовқин, бош айланиши, эшитишни пасайиши ва мувозанатни йўқотиш каби белгилар кузатилади.

Диққат: Отитда оғрик кескин ва санчиқли (стреляюший) бўлиб, бир неча кундан сўнг йиринг ажралиши кузатилади. Бу йирингни ноғора пардасини тешиб ўтиши хисобига ривожланади. Кечиши жихатидан йиринг келиши яхши (ижобий) бўлиб, ўз вақтида ва тўғри даволаш натижасида эшитиш ўткирлигини бузилмасдан ноғора пардасини битиб кетиши кузатилади.
Акс холда йиринг ажралиб чиқмаганда ва ташқарига йўл топа олмаганда, яллиғланиш жараёнини бош мияга тарқалиши, менингит ёки абсцесс билан асоратланиши кузатилади. Шу сабабли касалликнинг илк (енгил) белгилари пайдо бўлиши билан ЛОР врачга мурожаат қилишингиз сўралади.

Отитни даволаш.
1.    Антибиотиклар: Цифран, Флемоклав, Солютаб.
2.    Кулоққа томчили антисептиклар: Бор кислотаси эритмаси, Софрадекс, Отипакс, Отинум, Гаразон
3.    Бурунга қон томир торайтирувчилар: Нафтизин, Назол, Галазолин, Отривин.
4.    Антигистамин (антиаллергик) препаратлар: Супрастин, Диазолин, Лоратадин.
5.    Оғрик ва иситмага қарши дорилар: Парацетамол.
6.    Кулоқдан йирингни тортиб олиш (вакуум-отсосда).
7.    Физиотерапевтик муолажалар.
8.    Иммунокоррекция ва витаминлар қабул қилиш.

Отит асоратлари
1.    Ноғора пардаси ёрилиши
2.    Юз нерви парези
3.    Мастоидит
4.    Менингит, бош мия абсцесси

© https://t.me/gepamed_ultra