ХОМИЛАДОРЛАРНИ СКРИНИНГ ТЕКШИРУВИ НИМА?

ХОМИЛАДОРЛАРНИ СКРИНИНГ ТЕКШИРУВИ НИМА?

СКРИНИНГ – бу ахолини кенг кўламда ёки маълум бир контингентини махсус диагностик қурилмалар ёрдамида бирор-бир касалликни аниқлаш мақсадида фаол текширувдан ўтказиш усули хисобланади. Инглизча screening сўзидан олиниб – «ажратиб олиш, элакдан ўтказиш» маъноларини англатади.

Шундай текширувлар орқали маълум бир касаллик ёки унга бўлган мойиллик белгилари эрта аниқланиб, ўз вақтида даво-профилактика чоралари кўрилади. Скрининг текширувлари орқали шунингдек касалликнинг регионларда тарқалиш даражаси ўрганилади.  Скрининг текширувларнинг ультратовушли, лаборатор, ЭКГ ва хаказо турлари бор.

Хомиладорлик даврида ўтказиладиган бундай текширувлар – ПРЕНАТАЛ СКРИНИНГ деб номланиб, унда хомиладорлик асоратлари ва хомилада туғма нуқсонларнинг бор-йўқлиги аниқланади. Скрининг текширувда аниқланган касалликлар янада чуқурроқ текшириш учун махсус маслахатхоналарга юборилади. Хуллас скрининг фақат УЗИ га тегишли эмас ва аппаратни ичида бўлмайди, уни хамма УЗД врачлар бажара олади.      

Бутунжахон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг кўрсатмасига кўра хомиладорлик даврининг хар учала триместрида скрининг текшируви ўтказилиши шарт. Бу айниқса қуйида келтирилган гурух учун мажбурий хисобланади:
•    35 ёшдан ўтган хомиладор аёллар;
•    Илгари хромосом патологияси билан бола туққан хомиладорлар;
•    Илгари бир ёки икки маротаба бола ташлаш холати кузатилган хомиладорлар;
•    Хомиладорликнинг биринчи триместрида ичиш мумкин бўлмаган дориларни истеъмол қилган хомиладорлар;
•    Хомиладорлиги яқин қариндошли никохлардан хосил бўлган аёллар;
•    Бола тушиш хавфи узоқ давом этган хомиладорлар;
•    Хомиладор бўлишидан аввалроқ бирор бир ота-онанинг нурланиш таъсирига учраганлиги.

Пренатал скрининг даврида кўплаб хомиладорларни қизиқтирган саволлар қуйидагилар:
•    Хомиладорлик даврида неча маротаба скрининг қилинади?
•    Қандай тест ва тахлиллар топшириш керак?
•    Хомиладорликнинг қайси муддатида скрининг ўтказилади?
•    Олинган натижалар нимани англатадии?
•    Тахлилларда ўзгариш чиққанда нималар қилиш керак?

Скрининг текширувда ўтиш лозим бўлган текширувлар:

1 триместрда:
•    Ультратовушли текшириш (УЗИ).
•    Қоннинг биохимик маркерлари: иккита асосий маркер мажбурий - эркин бета-хорионик гонадотропин РАРР-А.
2 триместрда:
•    УЗИ.
•    Қоннинг биохимик маркерлари: АФП миқдори, эркин эстриол ва қондаги хорионик гонадотропин.
3 триместрда:
•    УЗИ.
•    Доплерометрия.
•    Кардиотокография.

© https://t.me/gepamed_ultra