КАМАРСИМОН ГЕРПЕС (ТЕМИРАТКИ), БЕЛГИЛАРИ, ДАВОЛАШ.

КАМАРСИМОН ГЕРПЕС (ТЕМИРАТКИ), БЕЛГИЛАРИ, ДАВОЛАШ.

Камарсимон темиратки (Herpes zoster)  - герпесвируслар томонидан чақириладиган инфекцион касаллик хисобланади. Энг асосий белгиси тери ва периферик нервларни зарарланиши бўлиб, айрим пайтларда инфекцияни генерал (тарқоқ) турга ўтиб энцефалит ёки миелитга айланиши кузатилиши мумкин.

Герпес сўзи кўпчиликда одам шамоллаганда лабларда пайдо бўладиган учуқли тошмалар билан асссоциацияланади. Камарсимон герпеснинг лаблардаги тошмалар билан хеч қандай боғлиқлиги йўқ. Касалликни қўзғатувчилари хар хил.

Камарсимон герпеснинг сабаблари.
Камарсимон герпес билан хаёти давомида сувчечак билан оғриган инсонларгина касалланиши мумкин. Негаки сувчечак ва камарсимон герпес қўзғатувчиси бир хил 3-типдаги герпес вирус varicella zoster хисобланади. Герпес вирусларининг жами 8 та тури мавжуд бўлиб, маълумот учун лабдаги учуқ 1-2-типдаги герпес вируслар томонидан чақирилади.  

Сувчечак билан одамларнинг кўп қисми болалигида зарарланади. Бу касалликдан клиник соғайиш вируснинг 100% элиминацияси билан кечмайди. Вирусларнинг асосий қисми антителалар томонидан ўлдирилади. Қолдиқ қисми эса орқа мия нейронларида ва бош мия нервлари ганглияларида «беркиниб олиши» кузатилиб, инсоннинг бутун хаёти давомида қонда антителолар «қўли етмайдиган» жойда сақланиши мумкин.
Организм иммун тизимининг сусайиши ва келтириб чиқарувчи омиллар таъсирида вируснинг қайта фаоллашуви ва ўз «бошпанасини» тарк этиши мумкин.

Келтириб чиқарувчи омилларга қуйидагилар киради:

•    Совуқ қотиш (шу жумладан елвизакда қолиш);
•    Ўткир респиратор вирусли хасталиклар;
•    Кортикостероид ва химиопрепаратлар олиш;
•    Травмалар;
•    Стресс холатлари;
•    Хроник соматик касалликларни қўзиши (айниқса қон касалликларини);
•    Кекса ва қари ёш.

Бу омиллар иммун тизимини тушишига сабаб бўлиб, вируснинг периферик нервлар бўйлаб тарқалиши ва терига қараб юриши кузатилади. Буларнинг хаммаси қичишувчи тошмалар билан ва оғриқ билан намоён бўлади. Бошдан кечирилган камарсимон темиратки турғун иммунитет қолдирмайди, балки вирусларнинг яна «неврологик бошпанага» беркиниб олиши кузатилади. Шу тариқа бир неча маротаба вируснинг қайта фаолланишини кузатиш мумкин.  

Сувчечак вируси ўта юқумли бўлиб, енгил контакт хам 100% зарарланишга сабаб бўлади. Шунга қарамай вирус ташқи мухитга чидамсиз бўлиб, қиздирилганда ва дезинфекцион воситалар таъсирида ўлади, совуқ харорат эса аксинча вируснинг кучайишига сабаб бўлади.

Камарсимон темираткини белгилари.
Касаллик енгил симптомлар билан бошланади: умумий холсизлик, бўшашиш, чарчаш, бош оғриши, тана хароратини бироз ортиши, жунжикиш каби шикоятлар бир неча соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин. Кейинча интоксикациянинг кучайиши барча шикоятларнинг авж олиши ва тошмалар билан кечади. Танада қизил пушти рангли, ўлчамлари 2-5 мм гача бўлган, кенг асосли, шаффоф таркибли суюқлик тутувчи пуфакчалар пайдо бўлади. Кейинча суюқлик хиралашиб, 6-8 кундан сўнг пуфакчалар қурийди ва уларнинг ўрнида сарғиш  пўстлоқчалар қолади. Вақти ўтиб пўстлоқчалар тушиб кетса, ўрнида енгил пигмент доғлар қолиб, бир неча ойдан кейин йўқолади.    

Тошмаларнинг тошиши шу сохадаги оғриқ синдроми билан бирга келади. Оғриқ периферик нерв чигалларини ва теридаги ўзгаришлар хисобига кечади. Оғриқ куйдирувчи, санчувчи характерда бўлиб, доимий ва кечки пайт кучаяди. Оғриган жойга нафақат тегиш, балки хаво оқими йўлланиши хам оғриқни кучайтиради. Кўп холларда беморлар қичишишга шикоят қилиб,
Тошмаларнинг жойлашуви специфик характерга эга бўлиб, доғ ва пуфакчалар периферик нерв йўллари бўйлаб жойлашади: танада кўпинча бир томонлама кўндаланг йўлакчалар шаклида, юзда – уч шохли нервнинг алохида тармоқларида, қулоқ супрасида – юз нерви ганглийларида жойлашади.   
Герпес тошмаларнинг энг севимли жойлашуви қовурғалараро нервлар бўйлаб, ўнг ёки чап томонда, ёки бутун бел қисмини камарсимон ўраб олиши мумкин. Камарсимон темиратки номи шу сабабли берилган.

Тана хароратининг ортиши янги-янги тошмалар пайдо бўлаётган пайтда кузатилиб, интоксикация белгилари билан бирга йўқолади. Касаллик ўртача 3 хафтагача давом этади ва даволаш нотўғри бўлган пайтида постгерпетик невралгия ривожланади.
Айрим холларда герпетик инфекциянинг генераллашуви ва марказий нерв тизимини зарарланиши кузатилади. Бундай холатларда менингит, энцефалит, менигоэнцефалит ривожланиб, ўлим билан якунланиши мумкин.

Камарсимон герпесни давоашда махсус герпесга қарши Ацикловир гурухи препаратлари қўлланилиб, улар вируснинг кўпайишини блоклайди.

© www.gepamed.uz