ГАЛЛЮЦИНАЦИЯЛАР НИМА?

ГАЛЛЮЦИНАЦИЯЛАР НИМА?

ГАЛЛЮЦИНАЦИЯЛАР  – бу хаёлан идрок қилиш хисобланиб, лотинча  hallucinatio, маънисиз гапириш, алахсираш маъносини англатади. Галлюцинация барча сезги аъзоларини идрок этиш хусусиятларини алданиши, хатоси ёки нуқсон камчилиги бўлиб, бемор аслида мавжуд бўлмаган нарсаларни кўради, эшитади ва хис қилади.
Галлюцинация қадим замонлардан бери маълум бўлиб, Майя қабиласида галлюция чақирувчи препаратлар, қўзиқоринлар, тамаки ва бошқа кўкатларни диний, тиббий ва оғриқ қолдириш мақсадларида фойдаланишган.

Галлюцинация турлари.  

Кўрув галлюцинациялари
– бунда бемор хақиқатда йўқ бўлган кўрув образларини рангли тасвирларда кўриши, харакатсиз ёки харакатдаги бутун бир сахна томошаларини идрок қилиши ва хатто уларда қатнашиши мумкин. Бу холат алкоголдан захарланишда, наркотик моддалар (ЛСД, кокаин, опий, наша) қабул қилганда, антидепрессантлар ва паркинсонизмга қарши дорилар ичилганда кузатилиши мумкин.  

Эшитув галлюцинациялари
  - бунда бемор қайдандир турли хил товушларни эшитади. Сўзлар, чақириқлар ва турли товушлар беморга буйруқ бериши, уни сўкиши ёки мақташи мумкин. Эшитув галлюцинациялари шизофренияда, алкогол ва психотроп моддалар билан захарланганда, талваса хуружларида ривожланиши мумкин.

Хид галлюцинациялари – бемор йўқ хидларни сезади. Бу холат бош миянинг чакка қисми зарарланганда, герпетик энцефалит ва шизофрения касаллигида учраб, бемор ёқимсиз, чириган, сассиқ хидларни сезади.

Таъм галлюцинацилари – бунда ёқимли ёки бемаза таъмларни хис қилиши ва бунинг натижасида овқат ейишдан бош тортиши мумкин.

Тактил галлюцинациялар – бунда бемор йўқ предметларни хис қилиб, кўрув ва эшитув галлюцинациялари билан бирга келади.



Галлюцинацияларнинг чин ва ёлғон турлари фарқланади.
•    Чин галлюцинацияларда - бемор маълум бир бўшлиқда акс этадиган турли образларни атрофдан туриб кўради.
•    Ёлғон галлюцинацияларда – бемор галлюцинацияларни ташқарида эмас ўзининг бош мияси ичида сезади.

Галлюцинациялар оддий ва мураккаб бўлиши мумкин:

•    Оддий галлюцинациялар – битта сезги аъзосини галлюцинацияси билан кечади. Масалан «тепадан» хар хил буйруқларни эшитиш.
•    Мураккаб галлюцинациялар – бир нечта сезги аъзоларини галлюцинацияларини  қўшилиб келиши билан кечади. Масалан Сиз кичкина шайтончани кўраётган бўлсангиз, унинг яқинлашиб келаётган қадам излари ёки  пичирлаётганини эшитаётган бўлсангиз, шунингдек танангизни совуганини хис қилсангиз – бу мураккаб галлюцинация хисобланади.



© https://t.me/gepamed_ultra