ҚАЙСИ БЕЛГИЛАРГА ҚАРАБ ОВУЛЯЦИЯНИ АНИҚЛАШ МУМКИН

ҚАЙСИ БЕЛГИЛАРГА ҚАРАБ ОВУЛЯЦИЯНИ АНИҚЛАШ МУМКИН

Овуляция - бу аёлнинг хайз циклидаги асосий воқеа. Бу организмнинг уруғланишга тайёрлигини англатади. Етилган тухум хужайра тухумдонлардан ажралиб бачадон фаллопий найчасига ўтади ва у ерда сперматозоид билан учрашишга тайёр туради. Хомиладорликни режалаштираётганлар учун овуляция вақтини билиш муҳимдир.

Овуляция қачон содир бўлади
Аёлларнинг репродуктив тизими циклик тарзда ишлайди. Ўртача ҳар 28 кунда танада гормонал ўзгаришлар рўй беради, унинг мақсади ҳомиладорликка тайёргарлик кўриш. Цикл ҳайз кўришнинг биринчи кунидан бошлаб ҳисобланади ва уч фазани ўз ичига олади: фолликуляр, овуляция ва лютеин фаза. Овуляция одатда хайз циклининг ўртасида, яъни 12-15-кунлари содир бўлади.
Овуляциянинг ўзи бир сутка давом этади - тухум ҳужайраси айнан шунча вақт яшайди (аммо организм хусусиятларига қараб кимлардадир у 3 кунгача яшаши мумкин). Ҳимояланмаган жинсий алоқа овуляция пайтига тўғри келса – уруғланиш содир бўлади. Хамма циклда хам овуляция содир бўлмайди. Бунга ановулятор цикллар деб аталади. Бу холда хам хайз кўриш одатдагидек  ўз вақтида ва давомийликда кечади.

Ультратовуш ёрдамида овуляцияни қандай аниқлаш мумкин
Ультратовуш текшируви овуляция пайтини айта оладиган энг аниқ текширувдир. УТТ текширувида етакчи фолликул овуляциядан бир хафта илгари назорат қилинади, бунга фолликулометрия деб аталади. Бунда фолликулнинг пайдо бўлиши ва кундан кунга ўсишини кузатиш мумкин. Фолликул максимал ўлчамига етганида, фолликул ичида тухум ташувчи дўмбоқча пайдо бўлади. Шунга қараб овуляция қачон содир булиши тахмин қилиш мумкин.
Бу усул энг ишончли бўлгани билан, пул жиҳатидан қиммат. Аммо хомиладор бўлиш билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд бўлса, уни қўллаш мумкин.

Тест тасмалар ёки микроскоп ёрдамида овуляцияни қандай аниқлаш мумкин

Ушбу усуллар анча содда: шифокорга боришнинг ҳожати йўқ ва харажати анча паст. Бунинг учун дорихоналардан тест тасмалар (полоскалар) сотиб олинади. Улар сийдикда лютеинловчи гормон даражасини кўрсатиб, қачонки у максимал даражага етиши биланоқ (чизиқ ёрқин рангга айланади), бу фолликуланинг ёрилиши ва тухум хужайра уруғланишга тайёр эканлигини англатади. Ушбу дақиқани ўтказиб юбормаслик учун, кутилган овуляциядан уч кун олдин тест ўтказишни бошлаш керак.
Шунингдек, сўлакни анализ қилувчи махсус микроскопдан хам фойдаланиш мумкин. Гап шундаки, овуляция пайтида сўлак кристалланади ва микроскоп остида у новдаларга ўхшаш нақш (узор) шаклида кўринади.

Базал ҳароратни ўлчаш орқали овуляцияни қандай аниқлаш мумкин
Базал харорат – бу уйқудан уйғонибок хеч қандай жисмоний фаоллик қилмасдан туриб, тўғри ичакдан ўлчанадиган ҳарорат. Биринчи босқичда у пасаяди, сўнгра тухум фолликуладан чиқиб кетган пайтда кескин кўтарилади. Бу усул жуда аниқ, аммо қатъият ва сабр-тоқатни талаб қилади. Ҳароратни ҳар куни бир неча ой давомида ўлчаш ва график тарзда белгилаш керак бўлади.

Овуляцияни ажралмалар орқали қандай аниқлаш мумкин
Аёллар жинсий йўлларидан келадиган ажралмалар бачадон бўйни безлари томонидан ишлаб чиқарилади ва бу бачадон бўйни шилимшиғи деб аталади. Унинг кўриниши ва консистенцияси циклнинг босқичига қараб ўзгариб туради.
Ҳайз кўргандан кейиноқ шилимшиқ қўйиқ бўлади. Овуляцияга яқин у суюлади, тиниқлашади ва тухум оқига ўхшаб осон чўзилади. Бундай шилимшиқ сперматозоидларни қин орқали ва бачадон бўйни ичига ўтишига ёрдам беради. Овуляция пайтида ажралмалар энг кўп бўлади. Овуляциядан кейин шилимшиқ қўйиқлашади ва унинг ҳажми камаяди.
Баъзида овуляция пайтида ажралмаларда қон излари кузатилади. У ажралмаларга ёрилган фолликуладан тушиши мумкин.

Овуляцияни ҳис қилиш орқали қандай аниқлаш мумкин
Оғриқ. Овуляциядан олдин қорин пастида ёки ёнбош сохасида, енгил санчувчи ёки спастик оғриқларни сезиш мумкин. Улар етилган фолликулаларни қорин пардага таъсири натижасида ривожланади. Одатда фолликул ёрилгандан сўнг оғриқ йўқолади.
Сут безларида ўзгаришлар. Овуляция давридаги гормонал ўзгаришлар сут безларини катталашишига, тўлишига ва енгил оғришига олиб келади.
Ҳид сезишнинг кучайиши. Овуляция белгиларидан бири ҳидни ҳис қилишнинг кучайиши хисобланади.
Жинсий иштиёқнинг кучайиши. Бу белги ҳаммада хам кузатилмайди. Эҳтимол, шу орқали тана аёлни туғишга ундайди.
Айтиб ўтилган белгилар овуляциянинг энг ишончли белгилари эмас. Улар бошқа сабабларга кўра ҳам пайдо бўлиши мумкин. Баъзи аёлларда овуляция ҳеч қандай ўзига хос ҳис-туйғулар билан бирга кечмайди.


www.gepamed.uz